Maqolalar

19.07.2011

Хушёр бўлинг, контрафакт!
Мамлакатимизда хусусий тадбиркорликка барча йўллар очиб қўйилган. Мулкдорлар ҳуқуқи кафолатланган. Шундан бўлса керак, уларнинг сафи кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Хориждан маҳсулот олиб келиб, савдо – сотиқ билан шуғулланаётган тадбиркорлар ўзларининг сармояларини кўпайтиришдан ташқари иқтисодиётимизга ҳам баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Уларга биргина талаб қўйилади, у ҳам бўлса қонунга амал қилишдир. Аммо шоли курмаксиз бўлмайди, деганларидек, айрим шахслар яратилган имкониятлардан ўзларининг нопок ниятлари йўлида фойдаланмоқчи бўладилар. Қинғир ишнинг оқибати эса ҳеч шубҳасиз  афсус-надомат билан тугайди. Чунки, божхона постларида қилни қирқ ёрадиган мутахассислар бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун шай туришибди.

Бизнинг менталитетимизга, маънавият ва мафкурамизга ёт бўлган айрим турдаги кино-видео, аудио “маҳсулот”ларини ноқонуний равишда қўшни мамлакатлардан ҳудудларимизга олиб киришга уринишлар оз бўлсада содир бўлмоқда.
Жорий йилнинг январь-март ойларида Давлат Божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жам 275 та ҳолат аниқланиб, жами 6299 та ёзма нашрлар, аудио ва видео контрафакт маҳсулотларни  божхона чегараларидан олиб ўтишнинг олди олинган.
Жумладан, 2011 йил 9 январ куни Навоий вилояти божхона бошқармаси “Навоий” аэропорти божхона пости ходимлари томонидан “Москва-Навоий” йўналишидаги 719 – сон рейс билан Боинг – 737 русумли сомолётда учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Р.Камоловга тегишли бўлган багаж юклари божхона назоратидан ўтказилган. Постда ўрнатилган “Хайман” рентген аппарати  беозор кўринган йўловчининг сирини фош қилди. Унинг юклари орасида Т-6 шаклдаги божхона декларациясида кўрсатилмаган, оғзаки сўровларда ҳам яширилган ҳар хил турдаги ахлоқсизликни тарғиб этувчи DVD дисклари борлиги маълум бўлди. Контрафакт маҳсулотлар тўхтатиб қолинди. Шунингдек, жорий йилнинг 5 март куни юқорида кўрсатилган йўналиш бўйича 719 – сонли рейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси А.Жўраев ҳам ноқонуний равишда лазер дискларини олиб ўтаётганда мулзам бўлди. Далилий ашёлар белгиланган тартибда олиб қўйилди. Мазкур қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ҳуқуқий чоралар кўрилди.
Навоий вилояти “Авангард” ҳаракатдаги божхона пости ва ИИВ ЙҲХБ ходимлари ҳамкорликда ўтказган тадбир пайтида Кармана тумани ҳудудида “Тошкент-Бухоро” йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автомашина тўхтатиб, текширилганда шубҳа-гумонлар ўз тасдиғини топди. Фуқаро Ф.Мухторов божхона текширувидан ўтказилмаган, чет элда ишлаб чиқарилган 100 донадан ортиқ видео кассеталарини ноқонуний равишда қайта сотиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, Беруний туманига олиб кетаётганлиги маълум бўлди. Соҳта “тадбиркор” қимишига яраша жазосини олади.
Шуни айтиш керакки, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ муаллиф рухсатисиз, яъни қонуний эгаси билан шартнома тузмасдан асарлардан, кинофильмлар, фонограммалар, клиплар, концертларни кўпайтириш, сотиш, хадя қилиш таъқиқланади. Бунинг учун қонун олдида жавобгарлик белгиланган. Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги қошидаги экспертиза гуруҳи томонидан 32 529 дона контрафакт маҳсулотларга хулоса берилганлигининг ўзи бу соҳада амалга оширилаётган ишлар кўламини кўрсатиб турибди. Эндиликда қонунбузарлар суд олдида жавоб берадилар.
Рустам Худойқулов,
Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш
 республика агентлигиматбуот котиби
orqaga